Янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди
22.04.2021 йилдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги ЎРҚ-684-сон Қонун Президент томонидан имзоланди. Қонуннинг янги таҳрири 85 та моддадан иборат (аввалги таҳририда 79 та модда бўлган).
Қонунда бошқа тушунчалар билан бирга қуйидаги асосий тушунчаларга ҳам таъриф берилади:
бенефициар мулкдор – пировардида мулк ҳуқуқларига эгалик қиладиган ёки товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчини амалда назорат қиладиган жисмоний шахс;
дастлабки малака танлови – харид қилиш ҳужжатларида белгиланган техник, иқтисодий, ташкилий ва бошқа ўзига хос хусусиятларга мувофиқ бўлган харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказишга қўйиладиган малакали харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларини танлаб олишнинг харид комиссияси томонидан ўтказиладиган тартиб-таомили;
захирадаги ғолиб – харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича харид комиссиясининг қарорига мувофиқ ғолибнинг таклифидан кейинги энг мақбул таклифни тақдим этган деб топилган харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси;
харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси – қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган ва (ёки) харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси томонидан қарорлар қабул қилишга таъсир кўрсатадиган, шу жумладан ёзма келишув асосида таъсир кўрсатадиган жисмоний ва юридик шахс, шунингдек харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисига нисбатан шундай ҳуқуққа эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс.
Давлат харидлари соҳасида ваколатли орган этиб Молия вазирлиги белгиланди (илгари – Вазирлар Маҳкамаси эди). Тегишинча, Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Вазирлар Маҳкамаси бошқа вазифалар қаторида қуйидагиларни ҳам амалга оширади:
давлат харидлари соҳасида бюджет тизими бюджетлари маблағларидан оқилона фойдаланиш, харид қилиш тартиб-таомиллари турларини такомиллаштириш ва уларнинг қўлланилишини кенгайтириш, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлаш юзасидан чоралар кўради;
давлат буюртмачиларининг давлат харидлари соҳасидаги фаолияти устидан назорат бўйича ишларни мувофиқлаштиради;
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия таркибини тасдиқлайди ва бошқалар.
Молия вазирлигининг давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сифатида ваколатлари белгиланди.
Бюджет буюртмачилари жумласига киритилган субъектлар рўйхати кенгайтирилди. Булар давлат муассасалари, бюджет ташкилотларида ташкил этилган жамғармалардир.
Корпоратив буюртмачилар жумласига қуйидагилар киритилиши белгиланди:
1) давлат корхоналари;
2) устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;
3) устав фондида (устав капиталида) 1 ва 2-бандларда кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;
4) устав фондида (устав капиталида) 3-бандда кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар.
Давлат буюртмачиси томонидан давлат харидларини режалаштириш тартиби тасдиқланди. Келгуси йил учун давлат харидларининг йиллик режа-жадваллари корпоратив буюртмачилар томонидан жорий йилнинг 25 декабрига қадар махсус ахборот порталида жойлаштирилади.
Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари қайта кўриб чиқилди. Энг яхши таклифларни танлаш (илгари – танлов) ҳамда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган давлат харидлари (илгари – ягона етказиб берувчида давлат хариди) жорий этилади. Шунингдек Президентнинг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан рухсат этилган харидларнинг бошқа рақобатли турлари харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турларига киритилиши белгиланди.
Белгиланишича, энг яхши таклифларни танлаб олиш ва тендер мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Энг яхши таклифларни танлаб олиш ва тендер воситасида давлат харидини электрон шаклда ўтказиш шартлиги тўғрисидаги талаб 1.01.2022 йилдан амалга киритилади.
Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.
Р.Курбанов
Тахтакўпир туман адлия
бўлими бош маслaҳатчиси